АБАСА

АБАСА (араб, абаса — қошини чимирди, юзини буриштирди) — Қурьоннинг 80-сураси номи. 42 оятдан иборат. Маккада нозил бўлган. Ривоят қилинишича, Муҳаммад (ас) Қурайш зодагонларидан бир гуруҳини исломга даъват қилиб турганида Абдуллоҳ ибн Умми Мактум исмли икки кўзи кўр бир саҳоба келиб: «Ё расулуллоҳ, менга Аллоҳ сизга билдирган нарсалардан таълим беринг», деб сўрайди. Пайғамбарнинг бошқалар б-н банд эканлигини сезмаган саҳоба юқоридаги гапини баланд овоз билан бир неча бор такрорлайди. Шунда пайғамбар аччиғланиб, қовоқ солди ва у кишидан юз ўгириб Қурайш катталари билан сўзлашда давом этди. Абаса сураси кўзи ожиз бир кишига рўйхуш бермаган пайғамбарга танбеҳ бериш билан бошланади (шунинг учун ҳам бу сура «Абаса» деб номланган) ва у зотга зиммаларидаги вазифалари яна бир бор уқтирилиб, Қуръон оятлари Аллоҳ томонидан панд-насиҳат оладиган бандалар учун юборилган бир эслатма эканлиги таъкидланади. Бу суратда Аллоҳ ўз ҳабиби ва сўнгги пайғамбарига берган танбеҳи дўстнинг дўстга қиладиган беғараз муомаласи сифатида талқин этилган.