АБАЗАЛАР

АБАЗАЛАР, абазинлар — Россия Федерациясининг Қорачой-Черкас ва Адигей мухтор вилоятлари ҳамда Ставрополь ўлкасида яшайдиган халқ. А. 33 минг киши (1992). Туркиянинг марказий ҳудудларида 10 мингга яқин Абазалар яшайди. Умумий сони 44 минг киши (1992). Абазаларнинг илк аждодлари Қора денгиз бўйларида, тахм. Туапсе билан Бзибь дарёси оралигида жойлашган эди. Кавказ тиллари гуруҳига мансуб абаза тилида гаплашади. Ҳоз. ҳудудда 14-а. дан яшайди. 19-а. нинг 30-й. лари бошларида Россия томонидан бўйсундирилган. Абазалар адигей халқи билан қадимдан қўшни яшаганликлари туфайли, маданият ва турмушлари уларга ўхшаб кетади. Абазалар ислом динининг сунний мазҳабида. 20-а. бошларида Абазалар катта қабилавий (тапанта ва шкарауа) гуруҳларга бўлиниб яшар эдилар. Кўпчилиги деҳқончилик (буғдой, жавдар, тариқ), боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади.

Next Article

АББОСИЙ