АББОС I

АББОС I (1571-1629) — Эрон шоҳи (1587—1629), саркарда. Сафавийлардан. Аббос I ўз ҳукмронлигининг дастлабки йилларидаёқ мамлакатдаги ички тарқоқликка барҳам бериб, марказлашган давлат тузишга киришган; мунтазам қўшин тузиб, Озарбайжон ва Хуросон (1598), Баҳрайн о. лари (1602), Қандаҳор (1621), Ҳўрмуз о. (1622) ва Ирок, (1623) ни эгаллаган. Аббос I даврида пойтахт Қазвиндан Исфаҳонга кўчирилган (1598), янги шаҳарлар, йўллар, кўприклар, карвон саройлар, қасрлар қурилган, кўплаб ариқлар қазилган. Аббос I Бухоро хонлиги, Россия, Англия, Австрия, Испания, Голландия ва б. давлатлар билан элчилик муносабатларини ўрнатган. Аббос I даврида Эрон кучли марказлашган давлатга айланган. Эронда уни «буюк» деб эъзозлашади.

Loading...