АББОСИЙЛАР

АББОСИЙЛАР — араб халифалари сулоласи (750—1258), Муҳаммад (сав) нинг амакилари Аббос авлодлари. Абу Муслим ҳаракати натижасида ҳокими-ят тепасига келган. Дастлабки пойтах-ти — Куфа ш. «Саффоҳ» («Хунрез») лақаби билан машҳур бўлган Абул-Аббос Абдуллоҳ сулоланинг биринчи халифаси эди. Иккинчи халифа Саффоҳнинг укаси Абу Жаъфар Мансур (754—775) Бағдод ш. га асос солиб, пойтахтни шу ерга кўчиради. Аббосийлар ҳукмронлигининг дастлабки даврида савдо-сотиқ ривожланади. Бағдод Шарқнинг йирик савдо марказига айланади, илм-фан равнақ топиб, фалсафа, мат., табииёт ва б. фанларга оид кўплаб асарлар яратилади. Андалусия (Испания) дан ташқари бутун мусулмон мамлакатлари — Мағрибдан то Мовароуннаҳргача Аббосийлар қўл остига ўтади. Булар халифаликнинг иқтисодий негизини, сиёсий ва ҳарбий қуд-ратини мустаҳкамлади. Айниқса Ҳорун ар-Рашид ва унинг ўғли Маъмун замони Аббосийлар сулоласининг гуллаган даври эди. 9-а. нинг иккинчи ярмидан бошлаб Аббосийлар халифалиги заифлаша бошлади. 10-а. нинг бошига келиб фақат Бағдод ва унинг атрофларидагина сиёсий ҳокимият Аббосийлар қўлида қодди. Ҳарбий кучлар турк саркардалари қўлига ўтиб кетди. Улар хоҳлаган вақтларида халифаларни алмаштира олар эдилар. 10-а. ўрталарига келиб Аббосийлар сиёсий ҳокимиятни тамоман қўлдан бой бериб, мусулмонларнинг диний халифаси (пайғамбар ўринбосари)гина бўлиб қолдилар. Эрондаги бувайҳийлар (945) Бағдодни ўз қўлига олди, лекин улар Аббосийларнинг мавқеи билан ҳисоблашар эди. Бағдод салжуқий-суннийлар томонидан босиб олингандан кейин Аббосийлар сиёсий ҳукмронлиги қисман тикланди ва диннинг мавқеи мустаҳкамланди. 1258 й. мўғуллар Бағдодни вайрон қилиб, Аббосийларни тамоман тор-мор келтирди. Мўғул хони Ҳулоку буйруғи билан Аббосий халифаларнинг сўнггиси — Мустаъсим қатл этилди. Аббосийлар сулоласининг қолган вакиллари эса Мисрга қочди. Мамлук султонлари даврида (турклар 1517 й. Мисрни олгунга қадар) А. Қоҳирада муқаддас кишилар сифатида яшаб келдилар. 1261 й. Мамлук султони Бейбарс Аббосийлардан бири ал-Мустансирни халифа деб эълон қилди. 1517 й. А. нинг авлоди Мутаваккил III Истанбулга келтирилиб, у диний раҳнамолик ҳуқуқини турк султонларига топширган. Аббосийлардан 37 киши халифа бўлган.

Loading...