АББОСОВ Шуҳрат Солиҳович

АББОСОВ Шуҳрат Солиҳович (1931.16.1, Қўқон) — ўзбек режиссёри. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1965). Ўзбекистон халқ артисти (1974). Тошкент давлат санъат ин-тини тугатган (1954), шу ин-тда проф. (1983 й. дан), кафедра мудири (1991 й. дан). М. Уйғур номидаги вилоят мусиқали драма театрида (Янгийўл ш.) бош реж. (1954-56). «Юрак сирлари» (Б. Раҳмонов), «Нурхон» (К. Яшин), «Оғриқ тишлар» (А. Қаҳҳор) каби пьесаларни саҳналаштирган. 1958—91 йлар «Ўзбекфильм»да реж. (1982—86 й. ларда директор). 1996 й. дан Ўзбекистон кино арбоблари бирлашмасининг раис муовини. «Маҳаллада дув-дув гап» кинокомедияси (1960) илк ютуғи бўлди. 2-жаҳон уруши йиллари ота-онасиз қолган турли миллатга мансуб 14 болани тарбиялаган тошкентлик Шомаҳмудов оиласининг жасорати ҳақидаги «Сен етим эмассан» (1963; Халқаро кинофестиваль мукофоти, Франкфурт-Майн, 1963), одоб-ахлоқ ҳақидаги «Қалбингда қуёш» (1965) фильмлари реж. ижодида алоҳида ўрин тутади. «Тошкент — нон шаҳри» (1967; кинофестиваль совриндори, Олмаота, 1973), «Севги можароси» (1971; 5-кинофестиваль совриндори, Тбилиси, 1972) фильмлари билан энг яхши кинореж. сифатида танидди. Тарихий-биографик мавзуда «Абу Райҳон Беруний» (2 қисмли, 1974, 8-кинофестивалнинг бош мукофоти, Кишинёв, 1975, Халқаро кинофестивалнинг «Олтин Дельфин» совриндори, Теҳрон, 1977), «Оловли йўллар» (Ҳамза ҳаётига бағишланган 17 қисмли телефильм, 1975—84), уруш йиллари фронт ортидаги қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Катта урушдаги кичик одам» (1989) фильмлари ҳам машҳур. Мустақиллик А. ижодида бурилиш ясади. 14 қисмли «Камолот чўққиси сари» ҳужжатли (1995) ва 2 қисмли «Отамдан қолган далалар» бадиий (сценарийсини М. Тўйчиев билан ҳамкорликда ёзган, 1998) фильмларни яратди. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1974). «Эл-юрт ҳурмати» ордени (1998) ва «Шуҳрат» медали (1994) билан тақдирланган.

Prev Article

АБАКАН

Next Article

АБДОМЕН