АБДАЛОВ ОТАЖОН

АБДАЛОВ ОТАЖОН (1856-1939) — илк ўзбек матбаачиси ва ношири. Матбаачилик фаолиятини 1874 й. дан Хива ш. да Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II саройида ташкил этилган тошбосмада ишлашдан бошлаган. Абдалов Отажон 1876 й. да Абдуносир Фароҳийнинг «Нисабуссибён» асарини тошбосмада босиб хонга такдим этди. Бу китоб Хивадагина эмас, балки бутун Ўрта Осиё миқёсида биринчи босма китоб ҳисобланади. Абдалов Отажон босиб чиқариш учун лойиқ асарларни ўзи танлаб, уларни Муҳаммад Раҳимхонга чоп этишга рухсат бериш учун тавсия қилган. Қўлёзмаларни нашрга тайёрлашда ўзига замондош бўлган таниқии ҳаттот ва шоирларнинг кўмагидан фойдаланган. 1876—1910 й. ларда А. О. Хива матбаасида 10 дан ортиқ китобни нашрдан чиқарди. Булар орасида Навоийнинг «Хамса» (асарнинг «Ҳайрат-ул Аброр» қисми; 1880), «Хазойин-ул Маоний», 1881, «Чор девон» (1882), Огаҳийнинг «Тавизул ошиқин» (1882) номли асарлари, Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз) нинг ғазаллари (1897) ва «Мажмуат ушшуаро» (1900) тўпламлари бор. А. О. Хоразм халқ ҳукуматининг бир қанча хитобномалари, тарихий ҳужжатларини, Хива ш. да ўзбек, рус, туркман, қорақалпоқ тилларида газеталар чиқаришга бошчилик қилган.

Ад.: Пидаев Т., Матбуотмиллат чироғи, 1999.

Prev Article

АБАКАН

Next Article

АБДУЖАББОР