АБДОЛБОБО МАҚБАРАСИ

АБДОЛБОБО МАҚБАРАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик (18—19 – а. лар). Ичан қалъанинг шарқий дарвозаси ташқарисида жойлашган. Атрофида минора, масжид, ҳовуздан иборат мажмуа барпо қилинган. Мақбара мурабба тархли бир хона (ташқи 5,7×5,4 м, ички томони 3,4×3,4 м) дан иборат, гумбаз томли. Гумбаз ости бағаллари икки қатор муқарнаслар билан безатилган. Пештоғи мақбара билан туташиб кетган. Унинг тепасига икки қаторли ғиштин шарафалар ишланган. Масжид (17,2×8 м) чортоқ тарғли, икки устунли, ўнг ва терс айвонли, шифти тўсинли, минора (ост диаметри 3,45 м, бал. 10 м)нинг тепаси мезанали, танаси яшил кошин белбоғлар билан безатилган. Чорси ҳовузнинг (14,6×13 м) чети поғонали.