АБДУ

АБДУ Муҳаммад (1849, Танта ш. яқинидаги Шабшир эл-Ҳисса қишлоғи — 1905.11.7) — мисрлик илоҳиётчи, жамоат арбоби. Қоҳирадаги ал-Азҳар дорилфунунида таҳсил олган (1869—77). Диний-фалсафий қарашлари Жамолиддин Афғоний ғоялари таъсирида шаклланган. Миллий озодлик курашида иштирок этганлиги учун ҳибсга олиниб, сўнгра Мисрдан чиқариб юборилган (1883— 88); 1884 й. да Парижда ал-Афғоний б-н биргаликда «Ал-Урват ал-вусқо» («Мустаҳкам бирлик») яширин жамиятини тузди, бу жамият мусулмон зиёлилари орасида катта таъсири бўлган шу номдаги газ. ни нашр этган. 1889 й. Мисрга қайтиб келди; қозилик, ал-Азҳар дорилфунунида мударрислик қилди. 1898 й. «АлМанар» жур. га асос солди. 1899 й. дан умрининг охиригача Миср муфтийси бўлди. Абду ижтиҳод ҳуқуқини илгари суриб, ислом ақидаларини оқилона талқин этиш, баъзи урф-одат ва тақиқларни енгиллаштириш тарафдори бўлиб чиқди. Жумладан Абдунинг мусулмонларга одам ва ҳайвонларни тасвирлашга, банкларга омонатлар қўйиб улардан фоиз олишга, европача бош кийим кийишга рухсат берувчи ва ш. к. фатволари жуда машҳур бўлиб кетди. Абду «Қуръон тафсири», «Рисолат ат-тавҳид» («Яккахудолик тўғрисида рисола»), шунингдек шариат ва таълим тизимини ислоҳ қилишга оид 30 га яқин китоб муаллифидир.