АБДУЛАЗИЗХЎЖА МАДРАСАСИ

АБДУЛАЗИЗХЎЖА МАДРАСАСИ — Қаршидаги меъморий ёдгорлик (1909). Маҳаллий меъморий анъаналарнинг соддалаштирилган шаклида ғишт, ганчдан қурилган; чортоқтарҳли (26×24 м), мурабба ҳовлили (14* 14 м). Икки қаватли дарвозахона — пештоқнинг икки ёнида ҳужралар бор. Бинонинг икки ён бурчагида деворга туташтириб икки бурж қурилган. Қанотларнинг биринчи қаватига юза, иккинчи қаватига эни кенг равоқ ишланган. Масжид ва дарсхоналар гумбаз томли. Ҳовли балхи гумбазли ҳужралар билан ўралган. Мадраса деярли безаксиз. Унда Қашқадарё вилояти тарих-ўлкашунослик музейи жойлашган.