АБДУЛЛАТИФ

АБДУЛЛАТИФ (1423 – 1450.8.5, Самарқанд) — темурийлардан. Улуғбекнинг ўғли. Шоҳрух саройида тарбия олган, ҳарбий юришларда қўшиннинг ўнг қанотига қўмондонлик қилган. Гавҳаршод бегим ва тархон амирлар Шоҳ-рух ўлимидан сўнг (1447) Абдуллатифни олий бош қўмондонликка тайинлаб, унинг амакиваччаси Алоуддавлани тахтга ўтқазишган. Бу қарордан норози бўлган А. Алоуддавлага қарши уруш очган, лекин Нишопур яқинидаги жангда (1447) енгилиб, ҳибсга олинган. Улуғбек фарзанди ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида Алоуддавла билан сулҳ тузишга мажбур бўлган. Унга кўра, Алоуддавла Хуросон ҳукмдори деб тан олиниб, Абдуллатифга Балх улуси берилган. А. Улуғбекнинг 1448 й. илк баҳоридан ёзигача Алоуддавла ва Абулқосим Бобурга қарши жангларида қатнашган. Сўнг, тож-тахтни эгаллаш мақсадида отасига қарши Абулқосим Бобур билан иттифоқ тузган. Улуғ-бек Абдуллатифга қарши қўшин тортган ва Амударё бўйида икки томон қўшини 3 ой муқобил турган (1449). Самарқандда қолган беклар исёни туфайли Улуғбек пойтахтга қайтишга мажбур бўлган, натижада А. Амударёдан ўтиб Термиз, Шаҳрисабзни эгаллаган. Самарқанд яқинидаги Димишк кишлоғи ёнида отасини енгиб, тахтни эгаллаган (1449). Абдуллатифнинг розилиги билан Улуғбек ва укаси — Абдулазиз Мирзо қатл этилган. Абдуллатиф олти ойлик ҳукмронлигидан сўнг, Улуғбекнинг хос навкарларидан Бобо Ҳусайн баҳодир томонидан ўлдирилган (1450).

Абдуллатиф ўжар, худбин ва шуҳратпараст бўлсада, отаси Улуғбек каби илм аҳлига ихлосманд эди. У ўзи ҳам фалакиёт ва тарих илми билан шуғулланар, шеърлар битарди.

Loading...