АБДУЛЛАХОН МАДРАСАСИ

АБДУЛЛАХОН МАДРАСАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1855). Ичан қалъадаги Оллоқулихон ва Қутлуғ Мурод Иноқ мадрасалари оралиғида жойлашган. Абдуллахон (Хива хони Қутлуғ Мурод Иноқнинг ўғли) хотирасига онаси томонидан қурдирилган. Чортоқ тарҳли (31,5×28,25 м) бўлиб, бурчакларига гулдастаминора ишланган. Бош тарзидаги кенг равоқли пештоқ орқали 3 гумбазли миёнсаройга, у орқали ҳовлига ўтилади. Ҳовли (18,9х 14,0 м) атрофи ҳужралар билан ўралган. Ҳужралар томи балхи гумбаз билан ёпилган. Жан. томондаги гумбазли масжид миёнсарой билан боғланган. Дарсхоналар тарҳи мурабба — 4,25×4,25 м. Ҳовлига ғарбдан энсиз йўлак орқали кирилади.

Ад.: Маньковская Л. Ю., Булатова В. А., Памятники зодчества Хорезма, Т., 1978.