АБДУЛЛАХОН МАДРАСАСИ

АБДУЛЛАХОН МАДРАСАСИ — меъморий ёдгорлик. Бухородаги Қўш Мадраса ансамблининг шим. қисмида жойлашган. Меъмори номаълум, Абдуллахон қурдирган (1588 — 90). Тузилиши одатдаги мадрасалардан анча фарқ қилади. Ҳовли атрофини икки ошёнли ҳужралар ўраб туради. Ҳар икки то-монида баланд пештоқ жойлашган. Пештоқлар орқали ичкари хоналар ва хонақоҳга ўтилади. Мадрасанинг катта пештоқи жан. га қараган. Пештоқ қанотлари ва гулдасталар сиркор безаклар билан пардозланган. Дарвозадан ўтиб, икки ёқдаги катта хоналар — дарсхона ва масжидга кирилади. Дарвоза хотамкори услубининг ноёб намунаси — гириҳ шаклли майда ёғоч парчаларидан терилган. Абдуллахон даври меъморлиги етук намунаси бўлган бу Мадраса Бухоро меъморчилигининг 16-а. да эришган барча ижодий ютуқларини намойиш этади.

Ад.: Пугаченкова Г. А., Ремпель Л. И., Выдающиеся памятники архитектуры Узбекистана, Т., 1958.