АБДУРАҲМОН ОФТОБАЧИ

АБДУРАҲМОН ОФТОБАЧИ (тахм. 1844-1884, Оренбург) — Қўқон хонлигида офтобачи, сўнгра парвоначи, мингбоши. Қўқон хонлигининг жан. даги тоғли вилоятларда яшовчи қирғизлар ва қипчоқларнинг бир қисми томонидан Худоёрхонинг зулмига, хусусан солиқ сиёсатига қарши бошланган қўзғолон раҳбарларидан. Уларга ўзбек ва тожиклар қўшилиб умумхалқ ҳаракатига айланиб кетган (қ. Пўлатхон қўзғолони). Худоёрхон қўзғолонни бостириш учун Абдураҳмон офтобачи ва Иса авлиё бошчилигида қўшин жўнатган, бироқ улар қўзғолончилар томонига ўтган. Қўзғолончилар Ўш, Наманган, Андижон ва Асакани олганлар. Хон қўзғолонни бостириш учун Туркистон генерал-губернаторлигидан ёрдам сўраган ва уни кутмай Тошкентга қочган. М. Д. Скобелев бошчилигидаги жазо қўшини Қўқонга 1875 й. 13 июлда етиб келган. Қўзғолончилар 1873 й. даёқ Пўлатхонни хон деб эълон қилганларига қарамай Абдураҳмон офтобачи Худоёрхон қочиб кетгандан сўнг тахтга Худоёрхоннинг катта ўғли Насриддинбекни ўтқазади. Абдураҳмон офтобачи қўзғолончилар сафини янги кучлар билан тўлдириб, қипчоқлар ва оддий жангчиларга даҳбоши, элликбоши каби унвонлар бериб, уларни янгидан тузилаётган қўшинларга бошлиқ этиб тайинлаган. 1875 й. 22 авг. да Маҳрам жанги бўлиб, унда қўзғолончилар ёмон қуролланганликлари, ҳарбий маҳорат йўқлиги туфайли енгилганлар. 8—9 сент. да Абдураҳмон офтобачининг 5 минг кишилик лашкари М. Д. Скобелев қўшини билан Мингтепа қишлоғида жанг қилиб мағлубиятга учраган. Абдураҳмон офтобачи 25 йигити билан Ўзганга қочган. Бу жангларда Пўлатхон Абдураҳмон офтобачига ёрдам бермаган. Абдураҳмон офтобачи ва Пўлатхонларнинг ўзаро рақобатидан фойдаланган рус қўшинлари Қўқон, Марғилон ва Ўшни жангсиз эгаллайди. М. Д. Скобелев Абдураҳмон офтобачи бошчилигидаги қипчоқларга узил-кесил зарба бериш учун қипчоқларнинг Норин билан Қорадарё оралиғидаги қишлов ерига 1876 й. қишида ҳарбий экспедиция уюштирган. Қўзғолончилар бундан хабар топиб рус қўшинини Андижонда кутиб олганлар. 1876 й. 8 янв. даги жангда қўзғолончилар яна мағлубиятга учраганлар. 18 янв. да Абдураҳмон офтобачи бошчилигидаги лашкар Асакада енгилиб, шаҳарни ташлаб чиққан. 19 янв. да Пўлатхон сулҳ таклиф этиб Хўжандга К. П. Кауфман ҳузурига элчиларини юборган. Бундан Абдураҳмон офтобачини рус айғоқчилари огоҳ этадилар. Абдураҳмон офтобачи ўз ҳаётини сақлаб қолиш ва мавқега эга бўлиш илинжида 1876 й. 20 янв. да таслим бўлиши ҳақида музоқаралар олиб бориш учун ишончли кишиларини жўнатган, 24 янв. да генерал М. Д. Скобелев билан шахсан учрашганидан сўнг ўз сафдошлари (26 сафдоши ва 400 жангчи) б-н таслим бўлган. Абдураҳмон офтобачи ўз тасарруфидаги қўзғолончиларни тарқатиб юборган, бу б-н қўзғолон мағлубиятга маҳкум этилган.

Ад.: Бобобеков Ҳ. Н., Қўқон тарихи, Т., 1996; Бобобеков Ҳ. Н., Пўлатхон қўзғолони, Т., 1996.

Ҳайдарбек Бобобеков.