АБДУРАҲМОН

АБДУРАҲМОН (1844-1901.1.10) — Афғонистон амири (1880—1901). Дўстмуҳаммадхоннинг набираси. Тахт учун ўзаро низоларда мағлубиятга учрагач, Туркистонга қочган (1869). 1878—80 й. лардаги инглиз-афғон уруши даврида ватанига қайтиб, Шим. Афғонистонда ўз ҳокимиятини ўрнатган (1880). 1880 й. 31 июлда Заммада Афғонистон амири деб тан олинган. А. Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлигини сақлашга интилган, бироқ Англиянинг зўравонлиги остида «Дюранд чизиғи»ни Афғонистоннинг шарқий чегараси деб тан олишга мажбур бўлган (1893). Унга кўра, кўплаб афғон ахолиси яшайдиган ҳудудлар Англиянинг Ҳиндистондаги мулклари қаторига киритилган. Абдураҳмон ички низоларга барҳам бериб, мамлакат хўжалигини мустаҳкамлашга имкон яратган.