АБДУРАЗЗОҚ САМАРҚАНДИЙ

АБДУРАЗЗОҚ САМАРҚАНДИЙ, тўлиқ исми Камолиддин Абдураззоқ ибн Жалолиддин Исҳоқ Самарқандий (1413.7.11 – 1482, Ҳирот) — машҳур сайёҳ, элчи ва тарихчи. Тафсир, ҳадис, тарих, тил ва адабиёт фанларини пухта эгаллаган. Ҳаётининг кўп даври Самарқандда ўтгани учун Самарқандий нисбасини олган. Абдураззоқ Самарқандий араб тили грамматикасига бағишланган «Рисолаи Азудия»га шарҳ ёзади. Шоҳрух саройида дипломатик ёзишмаларни олиб боришда қатнашади, элчилар бошлиғи сифатида 1442—44 й. ларда Ҳиндистон жан. даги Каликут, Хиновар, Мангалур, Билур, Боканур ва Вижаянагар рожалигига бориб келади. 1446—47 й. ларда Шоҳрух уни дипломатик топшириқ билан Гилонга жўнатади. У ҳаётининг кейинги даврларида Абулқосим Бобур саройида хизмат қилди. Бобўрнинг Мозандаронга (1453), сўнгра Самарқандга (1454) қилган юришларида қатнашди. 1463 й. Абу Саид мирзо А. С. ни Ҳиротдаги Шоҳрухия хонақосига шайх этиб тайинлайди. Абдураззоқ Самарқандий

Мовароуннаҳр ва Ўрта Шарқ мамлакатларининг 14—15 а. лардаги тарихига оид бой маълумотларни ўзида жам қилган «Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи») номли тарихий асари билан машҳур (1467—69 й. ларда форс тилида ёзилган). Асарнинг танқидий матни илмий изоҳлар билан 1960 ва 1969 й. ларда Тошкентда босилган.

Ас: Матлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн, Т., 1969.

Ад.: Ўринбоев А., Абдураззоқ Самарқандийнинг Ҳиндистон сафарномаси, Т., 1960.

Loading...