АБДУХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ

АБДУХОЛИҚ ҒИЖДУВОНИЙ, Хожа Абдулхолиқ ибн Абдулжамил Ғиждувоний (1103 — Ғиждувон — 1179) — хожагон тасаввуфий тариқатининг асосчиси ва назариётчиларидан бири. Хожаий Жаҳон номи билан ҳам машҳур. Унинг таржимаи ҳолига бағишлаб номаълум муаллиф ёзган «Зикри воқиоти Хожаий Жаҳон Абдулхолиқ Ғиждувоний» асарининг 1717 й. да кўчирилган нусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланмоқда. 9 ёшида Қуръонни ёд олган. 10 ёшидан бошлаб, дарвишларнинг зикрларида фаол иштирок этган. Бухоролик илк устози Имом Садриддиндан тафсир илмини ўрганади. 22 ёшида Юсуф Ҳамадоний билан учрашиб, унинг муридига айланади. Ўзини ибодату риёзатга машғул тутиб, бутун ҳаёти давомида 5 асар битади. Булардан «Мақомоти Хожа Юсуф Ҳамадоний» («Хожа Юсуф Ҳамадоний фазилатлари») асарида устозининг таржимаи ҳоли ва унинг таълимоти ёритилади. A. F. Юсуф Ҳамадоний таълимотини ҳар томонлама бойитиб, амалиётга зикри хуфияни олиб кирди ҳамда хожагонлик тариқатининг 8 та рашҳа (қонун-қоида)сини шакллантириб берди. A. F. таълимоти кейинги давр йирик суфийлари томонидан ўрганилган ва шарҳқилинган. Мас, «Махдуми аъзам» лақаби билан машҳур бўлган Аҳмад ибн Мавлоно Жалолуддин Хожагий Косоний Абдухолиқ Ғиждувонийнинг 4 васиятини «Рисолаи чаҳор калима» («Тўрт сўз ҳақида рисола») асарида шарҳлаган. A. F. тасаввуфга оид таълимотининг асосий қисми Абдураҳмон Жомийнинг устози Мавлоно Саъдуддин Кошғарий (1456 й. в. э.) нинг «Рисола» асарида баён этилган. A. F. қабри Ғиждувон ш. да.

Loading...