АБЪОД

АБЪОД (араб. буъд оралиқ сўзининг кўплиги) — икки нағма, яъни тон оралиқлари, интерваллар. Қад. Шарқ мусиқа назариясида Абъоднинг жуда кўп турлари бўлган. Жумладан абъоди авсат, абъоди вусто — ўртача ҳажмдаги интерваллар — октава, септима, секста, ринта ва кварталар. Абъоди изом ёки абъоди кубро — катта интерваллар. Улар квинтдецима, дуодецима ва ундецима каби октавадан катта интервалларни ўз ичига олади; абъоди лаҳний ёки абъоди сиғар — кичик интерваллардир: катта секунда билан кичик секунда интервалларини ўз ичига олади, баъзан терция ҳам кўзда тутилган. Булар куй ва пардалар ҳосил қилишда қўлланилгани учун «лаҳний» («куйчан») деб аталган. Лаҳнийларнинг турлари: изом (катта), авсат (ўртача) ва сигар (кичик); абъоди мулойим ёки абъоди муттафиқ (иттифоқдош) — ёкимли, оҳангдош интерваллар. консонанслар; абъоди мунофир ёки абъоди мутанофир икки нафратли оралиқ, ёхуд абъоди ғайри мулойим — ёқимсиз, номулойим интерваллар — диссонанспар; абъоди мустаъмал — мусиқа амалиётида қўлланиладиган интерваллар: абъоди ғайри мустаъмал — мусиқада қўлланилмайдиган интерваллар. Махсус мусиқа ўқув юртларидаги Шарқ мусиқасига оид дарсларда Абъод тизими ўрганилади.