АБОРТ

АБОРТ (лот. abortus — бола ташлаш) — аёлларда ҳомиладорликнинг дастлабки 28 ҳафтасида бачадондан ҳомила тушиши, 28 ҳафтадан илгари туғилган бола яшамайди. Аборт эрта (ҳомиладорликнинг 12 ҳафтаси ичида керакли даво чоралари кўрилмаганда бола тушиши) ва кечикиб (13 — 27 ҳафта ичида бола тушиши) содир бўлиши мумкин. Аборт сунъий ва ғайриихтиёрий Абортга бўлинади. Сунъий Аборт (бола тушириш) аёлнинг ўз истаги ёки соғлиғига қараб ҳомиладорликнинг 12-ҳафтасига қадар, тиббий сабабларга кўра эса бундан кечроқ муддатларда туғруқхоналарда ўтказилади. Ғайриихтиёрий Аборт (бола ташлаш) сабаблари:

1) ўткир ва юқумли касалликлар, мас, терлама, безгак, бруцеллёз, захм ва б. ;

2) она билан ҳомила қони резус факториннт мос келмаслиги (она қонида резус фактор манфий, ҳомилада эса мусбат бўлиши);

3) умумий касалликлар (юрак, қон томирлари, ўпка ва нафас аъзолари, буйрак, эндокрин без касалликлари);

4) жинсий аъзо касалликлари (тухумдон фаолиятининг бузилиши); бунда сариқ тана гормони кам ишланиб чиқиб, бачадон мускулларини қисқартирувчи омиллар, жумладан фолликулин кучайиб кетади, натижада Аборт рўй беради;

5) ички жинсий аъзоларнинг турли сабаблар билан яллиғланиши;

6) аёл таносил аъзосининг етарли ривожланмаганлиги (инфантилизм);

7) турли шикастлар (ҳомиладорлик вақтида йиқилиш, оғир юк кўтариш, лат ейиш ва ҳ. к.); ҳомиладорнинг бирор нарсадан қаттиқ қўрқиши, ҳаяжонланиши. Ғайриихтиёрий Аборт ҳомиланинг бачадондан кўчиш даражасига қараб турлича бўлади. Аборт хавфи туғилганда бел оғриб, жинсий аъзодан бир оз қон келади, бачадон ҳомила муддатига номувофиқ катталашади; тўғри даво қилинса, ҳомиладорликни сақлаб қолиш мумкин. Бошланаётган Абортда оғриқ сезилиб, қон келади, бачадон таранглашиб; бунда ҳам ҳомила тирик бўлса, ҳомиладорликни сақлаб қолиш мумкин. Жадаллашган Абортда лахта-лахта қон келади, бачадон таранглашади, қисқаради. Чала Абортда ҳомила бутун чиқмай, унинг кўчмаган қисмлари бачадон ичида қолиб, қон кўп кетади, бачадон ҳомиладорлик муддатига нисбатан кичик бўлади. Тўлиқ Абортда ҳомила бутун тушади; шунга кўра қон келиши тез тўхтайди, бачадон кичраяди. Ҳомила нобуд бўлиб, бачадон қисқариши жуда суст борса, ҳомиланинг ажралиши ва тушиши узоқ чўзилади. Бундай ҳолларда бачадондан узоқ вақтгача қон кетади (чўзилган Аборт). Баъзан ҳомила бачадон деворидан кўчади-ю, лекин бачадон бўйни каналининг ташки тешиги ёпиқ бўлса, бўйин каналида тўхтаб қолади (бачадон бўйнига бола тушиши). Баъзан ҳомила нобуд бўлса ҳам (бачадон қисқармаса) тушмайди. Атрофидаги сув шимилиб, ўзи бужмайиб, мўмиёсимон бўлиб қолади (ёпишиб қолган А). А. га инфекция сабаб бўлганда, инфекция ҳомилани зарарлаб, бачадон ва б. жинсий аъзолар ҳамда қорин пардаси яллиғланади, ҳомиладорнинг иситмаси кўтарилади. Септик Абортда эса микроблар она организмига қон орқали тарқалади, беморнинг аҳволи оғир бўлади; ўз вақтида чора кўрилмаса, она нобуд бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда касалхоналардан ташқарида аборт қилиш (жиноий Аборт) тақикланади ва жиноят ҳисобланади. Аёлни Абортга мажбур этган шахслар ҳам жиноий жавобгарликка тортилади.

Ҳайвонларда бўғозликнинг бевақт туғалланиши, бола ташлаш. Абортнинг келиб чиқиш сабабларига қараб юқумсиз, юқумли ва инвазион турлари бор. Юқумсиз Аборт асосан, урғочи ҳайвонлар жинсий аъзоси функциясининг бузилиши ва ташқи муҳитнинг таъсири (витамин ва минерал моддалари кам бўлган, чириган, моғорлаган, ачиган ем-хашак едириш, урилиш, қисилиш, оғир ишларда ишлатиш каби механик таъсир) натижасида содир бўлса, юқумли Аборт бруцеллёз, трихомоноз ва б. касалликлар натижасида рўй беради. Инвазион Аборт эса пироплазмоз, гель-минтозлар натижасида организмнинг заҳарланиши ва заифланишидан келиб чиқади.

Кураш чоралари: чорва молларини боқишда, сунъий қочиришда, бўғозлик даврида зоотехника ва ветеринария қоидаларига тўлиқ риоя қилиш ва ҳ. к.

Ад: Қодирова А. А., Акушерлик, Т., 1994.

Асолат Қодирова, Абдулла Қуранбоев.

Prev Article

АБО