АБРАЗИВ МАТЕРИАЛЛАР

АБРАЗИВ МАТЕРИАЛЛАР, абразивлар (лот. abrasio — қиртишламоқ) — майда донадор ёки кукунсимон қаттиқ материаллар. Улардан чархтош, жилвир, қайроқ ва б. тайёрланади. Абразив материаллар табиий ва сунъий хилларга бўлинади. Олмос, корунд, кварц ва б. табиий; электр корунд, кремний карбид (карборунд), бор карбидлар сунъийдир. Саноатда сунъий Абразив материаллар кенг қўлланилади. Сунъий корунд ёки электр корунд, асосан, алюминий (III)-оксиддан иборат, у табиий жинслар (гилтупроқ ва б.)ни электр печларда эритиб олинади. Электр корунд жуда қаттиқ материал, 2050°С гача т-рага чидайди. Бирмунча қовушоқ, ўткир қиррали доначалар тарзида уваланади. Электр корунд таркибида алюминий (III)-оксид кўпайса, қаттиқлиги ва қовушоқлиги ортади. Таркибидаги алюминий (III)-оксиднинг миқдорига кўра электр корундлар икки хил бўлади: 1 — оқ электр корунд (98 — 99%, шартли белгиси — ЭБ), 2 — нормал электр корунд (91%дан кам эмас, шартли белгиси — Э). Кремний карбид электр печда қум ва тошкўмир аралашмаларига кремний карбид ҳосил бўлишини тезлаштирувчи қўшимча материаллар қўшиб, 1800 — 1850°С гача қиздириб олинади. Кремний карбид электр корундга нисбатан ҳам қаттиқ, ҳам мўрт. Кремний карбид икки хил бўлади: 1 — қора кремний карбид (қум — 95% дан 97% гача, шартли белгиси — К4), 2 — кўк яшил кремний карбид (қум — 97%, шартли белгиси — К4). Бор карбид қаттиқлиги олмосга яқин материал. У техник борат кислота ва нефть коксидан иборат шихтани эритиб олинади. Қўнғир-қора рангли кукун тарзида ишлаб чиқарилади.

Абразив асбобларнинг хиллари: 1 — Ясси силликлаш доираси; 2 — конус доира; 3 — ўймали диск; 4 — силлиқлаш диски; 5 — ҳалқа; 6 — цилиндрик косача; 7 — конуссимон косача; 8 — минераллар учун мўлжалланган цилиндрик; 9 — цилиндрик силликлаш каллаги; 10 — конуссимон; 11 — гумбазеимон; 12 — шарсимон; 13 — квадрат шаклли чўзинчоқ; 14 — уч қиррали; 15 — доиравий; 16 — пичоқсимон; 17 — трапеция шаклли; 18 — қавариқ-ботиқ; 19 — хонинглаш учун мўлжалланган қайроқтош.

Абразив материалларнинг асосий кўрсаткичлари: қаттиқлиги (МН/м2), мустаҳкамлиги ва қовушоқлиги, абразив доналарининг шакли, абразивлик (жилвирлаш) хусусияти, донадорлиги.