АБРАЗИЯ

АБРАЗИЯ (лот. abrasio — қириш) — бирор аъзо бўшлиғидаги массани унинг ички девори билан бирга қириб олиб ташлаш; мас, бачадон шиллиқ қаватини қириш; А. аборт чоғида бачадонда ҳомила бўлаклари қолганда, плацентар полип туфайли қон кетганда, туғрукдан сўнг йўлдош ёки ҳомила пардаси бўлаклари қолганда қўл билан тозалаш имконияти бўлмаган ҳолларда қўлланилади. Таносил аъзолари яллиғланганда, бачадон фибромиомасида, бачадондан ташқари ҳомиладорликда, иситма билан кечадиган абортда Абразия қилинмайди.