АБРИ БАҲОР

АБРИ БАҲОР (форс – булут) — китобат санъатида қўлёзма китоб саҳифаларини безаш санъати; шунингдек шу усулда яратилган тасвир. Махсус идишдаги дарахт елимининг сувдаги эритмасига елим ва бошқалар билан аралаштириб тайёрланган турли рангдаги бўёклар мўйқалам ёрдамида навбати билан (тўқ рангдан оч рангга қараб) со-илади. Махсус тароқ воситасида турли расм (тасвир)лар ҳосил қилиб таралган елим юзасидаги бўёқлар устига сур қоғоз ёпилади; бир неча дақиқадан сўнг у оҳиста олиниб, қоғоздаги суюқлик оқиб тушиши учун бир учидан осиб қўйилади, кейин соя жойда қуритилади. Абри баҳорнинг эгри-бугри чизиқли мавҳум гулларидан ташқари мужассамотга усталар турли ҳандасий шакллар, ўсимликсимон мавзулар, ҳатто шеърий парчалар ҳам киритишган. Абри баҳор гуллари бири иккинчисини такрорламаган. Фақат моҳир усталаргина айнан бир нақшни бир неча марта такроран яратишга эришган. Усталар томонидан тилла зарралар билан ишланган Абри баҳор қоғози ҳам тайёрланган. Қўлёзма китобларни бу усулда безатиш Ҳирот китобат санъатида тараққий этди, 16 — 17-а. ларда кенг тарқалди. Табриз, Қазвин, Исфаҳон ва б. да шу усулда безатиб тайёрланган қўлёзмалар учрайди.

Хоз. кунда унутилиб кетган Абри баҳор санъатини қайтадан тиклашга уринишлар бўлди. Жумладан, Ўзбекистонда 1991 й. А. б. санъатини тиклаган Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тининг бир гуруҳ илмий ходимлари (А. Мадраимов, Ш. Муҳаммаджонов, М. Салимов ва б.) шу усулда безатилган бир неча қўлёзма китобларни қайта тикладилар.