АБРУЙ ҚЎЗҒОЛОНИ — 6-а. нинг 80-й. ларида маҳаллий табақа — деҳқонларга ва савдо аристократиясига қарши Қуйи Суғд (ҳоз. Бухоро вилояти) аҳолиси камбағал табақасининг кўтарган қўзғолони. Қўзғолонга Абруй бошчилик қилган. 10-а. да яшаган Бухоро тарихчиси Наршахийнинг хабар беришича, Бухоро аҳолиси Абруйни Бойканд (Пойкенд) ш. га ҳоким қилиб тайинлайди.
Абруй қўзғолонидан зарар кўрган деҳқонлар ва мулкдорларнинг кўпчилиги Турк хоқонлиги қўл остидаги Тароз ва Туркистон ш. лариға қочиб бориб, Турк хоқони Қорачуриндан қўзғолончиларга қарши курашда ёрдам сўрайдилар. Қорачурин ўғли Шери Кишвар (Элбарс ёки Эларслон) бошчилигида Бухорога катта лашкар юборади. Натижада қўзғолон бостирилади. Бухородаги ерлар яна ўз эгалари — деҳқонларга қайтариб берилади.