АБСТРАКТ САНЪАТ

АБСТРАКТ САНЪАТ (лот. abstractus — мавҳум) , абстракционизм — тасвирий санъатдаги оқим. Рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графикада асосан реал нарса ва ҳодисаларни тасвирлашни рад этади. 20-а. 10-й. ларида Европа мамлакатларида вужудга келиб, 40-й. ларнинг охири — 60-й. ларнинг бошида кенг тарқалди. Дастлабки намуналари рус В. Кандинский, К. Малевич, француз Р. Делоне ва б. рассомлар томонидан яратилди. Кейинроқ украин А. Архипенко, румин К. Бринкуши ва б. абстракт ҳайкалтарошлик тажрибаларига мурожаат қилди.

1-жаҳон урушидан кейин абстракт шаклларни меъморлик, безак санъати, дизайнга татбиқ этишга, уларни мат. ва муҳандислик қоидалари асосида қуришга интилишлар кузатилди (В. Татлин, А. Певзнер, Н. Габо конструкциялари). 2-жаҳон уруши даврида АҚШда «соф психик автоматизм», ғайриихтиёрий субъектов туртки, тасодифий ранг ва сифатлар уйғунлигини асосий усул қилиб олган абстракт экспрессионизм мактаби (рассом Ж. Поллок, М. Тоби ва б.) юзага келди. 50-й. лар Европа, Америка мамлакатлари тасвирий санъатида Ас. устун йўналишга ай ланд и. 60-й. ларда Ас. («Опарт» каби) кўринишлари ривожланди.

Ўрта Осиё, жумладан Ўзбекистон ҳудудида қадимдан яратилган тасвирий ва амалий безак санъати намуналариа ҳам Ас. кўринишлари учрайди. Уларда афсонавий фирдавс боғлари ўзининг рамзий ифодасини топган. Айниқса, китобат санъатидаги абри баҳор усулида яратилган қўлёзма китоб безаклари, абрбанди усулида тайёрланган атлас ва б. матоларнинг гуллари бу санъатнинг намунасидир.

Ўзбекистонда том маънодаги Ас. га хос хусусиятлар 20-а. нинг 10-й. ларидан пайдо бўла бошлади ва кейинчалик бир қатор рассомлар (С. Федорченко, В. Уфимцев ва б.) диққатини ўзига жалб этди. Сўнгги йилларда бу санъат таъсири қисман Н. Шин, А. Кедрин, Б. Жалолов ижодида сезилади.

Prev Article

АБСОРБЕР