АБСУРД ДРАМА

АБСУРД ДРАМА, абсурд театр, ғайримантиқий театр — драматургиядаги оқимнинг шартли номи. 50 — 60-й. ларда оқим тарафдорлари инсон ҳаёти маъносиз, мавҳум деган нуқтаи назарни илгари сўради. Улар фикрича, инсон ҳатто нима учун яшаётганини ҳам англаб етолмайди, у доимо ёлғон бурч, ёлғон ахлоқ, ёлғон муносабатлар қурбони бўлаверади. Абсурд драма асосчиси ва назариётчиси С. Беккетнинг «Годонинг кутилиши» (1952) фожиали комедиясида Владимир ва Эстрагон ташландиқ йўлда учрашиб қолишади, асар давомида иккаласи ҳам Годони кутиб ўтиришади. Асарда бошқа воқеа йўқ. Годо балки бойликдир, балки бахтдир, балки ўлимдир? Асарда бу ҳақда ҳеч нарса дейилмайди, ундан чиқадиган хулоса шуки, инсон ҳаёти ҳам Годони кутиш каби ёлғон, мавҳум, маънисиз, умидларга тўла. Узоқ вақт А. д. намояндалари асарига қуруқ сафсата деб қараб келинди, бироқ 70-й. ларга келиб, улар давр олдига қўйган муаммолар долзарб эканлиги аён бўлди.

Абсурд драма оқими театр, драматургияга саҳна шарт деган тушунчани олиб кирди, уни назм ва насрдаги илғор анъаналар б-н мослаштирди, театр, саҳна ҳақидаги тасаввурларни бир қадар янгилади, унга замонавийлик бағишлади.