АБУ АБДУЛЛОҲ ИЛОҚИЙ

АБУ АБДУЛЛОҲ ИЛОҚИЙ (асл исми Шарафуддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф ал-Илоқий) (? —1008) — ўрта асрда яшаган машҳур ҳаким, Ибн Синонинг шогирдларидан бири. Илоқ воҳаси (ҳоз. Тошкент вилоятининг Оҳангарон дарёси атрофидаги ерлар)да туғилган (тахаллуси шундан олинган) . Дастлабки маълумотни Шош (Тошкент) мадрасаларидан бирида олиб, сўнг ўз билимини такомиллаштириш учун дастлаб Бухоро, кейин Урганчга бориб таҳсил олган. Бу ерда у Ибн Сино билан учрашган. Илоқий тиббиётдан ташқари фалсафа ва тарих билан ҳам қизиққан. «Куллиёти тибби Илоқий» («Илоқийнинг табобат ҳақида рисолалар тўплами») асарида тиббиёт тарихига оид маълумотлар берилган.