АБУ БАКР КУЛУИЙ (КАЛАВИЙ) НАДДОФ

АБУ БАКР КУЛУИЙ (КАЛАВИЙ) НАДДОФ (? — 1366) — ҳунарманд (жун титувчилар оқсоқоли, жун титувчи — наддоф), 1365 — 66 й. ларда мўғул босқинчиларига қарши Самарқандда кўтарилган сарбадорлар қўзғолони раҳбарларидан бири. Қўзғолон Мўғулистон хони Илёсхўжа 1365 — 66 й. ларда Мовароуннаҳрга ҳужум қилган даврда бошланди. Қўзғолон раҳбари Мавлонозода ва Абу Бакр Кулуий (Калавий) Наддоф Самарқанд амири қочиб кетгач, шаҳар мудофаасини ўз қўлларига олиб, фуқарони қуроллантирганлар ва мўғуллар ҳужумини қайтарганлар. Шундан сўнг сарбадорларнинг бевосита иштирокида шаҳар аҳолисини талаш ва зўравонлик бошланган. Амир Ҳусайн Самарқандга юриш қилиб, Конигилда сарбадорлар бошлиқлари устидан шаръий суд жараёни ўтказиб, Абу Бакр Кулуий (Калавий) Наддофни ўлимга маҳкум этган.