АБУ БАКР СИДДИҚ (тўлиқ номи – Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу Қаҳҳофа ибн Омир; 571 — 634) — Муҳаммад (сав) даъвати билан исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, дастлабки тўрт халифадан биринчиси (632—634). Муҳаммад (сав)нинг энг яқин сафдоши, қайнотаси (Ойшанинг отаси). Йирик савдогар. Макканинг қурайш қабиласидан. Исломга киришдан олдин исми Абдулкаъба эди. Абдулло исмини Муҳаммад(сав) қўйган. Сиддиқ деб аталишига сабаб шуки, исро ва меърож ҳодисасини энг биринчи бўлиб тасдиқлаган. Муҳаммад пайғамбар(сав) унга Сиддиқ, яъни имони кучли деб лақаб берди. Маккадан Мадинага ҳижрат қилишда Муҳаммад (сав)га ҳамроҳ, ғорда ҳамнишин бўлди. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Худайбия ва б. жойлардаги жангларда иштирок этди. Абу Бакр Сиддиқ обрўли ва бадавлат киши бўлгани учун кўп одамларга ёрдам қилди, чунончи, Билол Ҳабашийни қулликдан сотиб олиб, озод этди. Муҳаммад(сав) вафотидан кейин биринчи халифа бўлиб сайланди (632). Араб қабилаларининг Мадина ҳокимиятига қарши кўтарган қўзголонларини бостирди. Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида араблар Ироқ ва Сурияни фатҳ қилди. А. Б. С. Мадинада вафот этди ва Муҳаммад (сав) ёнига дафн қилинди.