АБУ ДУЛАФ Мисъар ибн Муҳалҳил ал-Хазражий Янбуий (10-а.) — сайёҳ, географ ва шоир. Асли Мадина ш. га тобе хазраж қабиласидан. 10-а. нинг 1-чорагида Бухорога келган. 914 — 942 й. ларда Сомонийлар амири Наср ибн Аҳмад саройида хизмат қилган. У 942 й. да Бухорога келган Хитой элчиларига ҳамроҳ бўлиб Шарқий Туркистон, Тибет ва Хитойга борган, шунингдек Эрон ва Ҳиндистонга ҳам саёҳат қилган. Еттисувда қарлуқларнинг ёғочдан қурилган ибодатхонаси борлигини ва унинг деворларига чизилган ўтмиш подшоларининг расмларини кўрганлигини ёзган. Унинг тарихий геогр. га оид «Рисолат улаввал» («Биринчи рисола») ва «Рисолат ул-ухро» («Иккинчи рисола») асарлари борлиги маълум. Булар Мовароуннаҳр, Хитой ва Ҳиндистоннинг тарихий географиясига оид тарихий манба сифатида муҳим аҳамиятга эга.