АБУ МУСЛИМ ҲАРАКАТИ — 747-750 й. ларда араб халифалигининг шарқий қисми — Мовароуннаҳр ва Хуросонда умавийлар ҳукмронлигига қарши кўтарилган ҳаракат. Унга Абу Муслим бошчилик қилган. Ҳаракатнинг асосий кучи шаҳар ҳунармандлари ва қишлоқ меҳнаткашлари, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг маҳаллий зодагонлари, умавийлар сиёсатидан норози бўлган Хуросондаги араб мухолифатчи гуруҳлари ва куллар эди. Умавийларга қарши ҳаракатни кучайтириш мақсадида Абу Муслим Марв яқинидаги Сафизанж, Мохувон (Маҳон) ва Шаввол қишлоқларини қароргоҳга айлантириб, халифаликка қарши ташвиқот олиб боради. Абу Муслим солиқларни қисқартириш ва мажбурий ҳашар ишларини бекор қилишга ваъда беради. Шу сабабли ҳаракат айрим жойларда мулкдорларга қарши кескин тус олади. 747 й. дек. — 748 й. янв. да Абу Муслим умавийларнинг Хуросондаги волийси Наср ибн Сайёрни енгиб, Марв ш. ни, 748 й. да Нишопур ва Тус ш. ларини эгаллайди. 748 й. да халифаликнинг пойтахти Дамашққа юриш қилади, 749 й. да Наҳованд яқинида умавийларни тор-мор этиб, 750 й. бошларида Катта Заб дарёси бўйида ҳал қилувчи ғалабага эришди ва халифа Марвон II ни тахтдан олиб ташлади. Унинг ўрнига пайғамбар(сав) нинг амакиси Аббос авлодидан бўлган Абул Аббос ас-Саффоҳ (750 — 754) халифа бўлади. Шу билан халифалик аббосийлар қўлига ўтади.