АБУ НАСР ибн Ироқ Мансур ибн Али (? — 1036) — хоразмлик риёзиётчи ва фалакиётшунос олим. Хоразмшоҳ саройидаги Абу Али ибн Сино, Абу Саҳл Масихий, Абулхайр Ҳаммор ва Абу Райҳон Беруний каби олимлар билан мулоқатда бўлган. Хоразмшоҳ Абулаббос Маъмунга бағишлаб «Китоб фи куриййа ас-сама» («Самонинг шар шаклида экани ҳақида китоб»), «Рисола филҳалли шубҳатен аразат фил-мақолат ас-солис ашара мин китоб ал-усул» («Негизлар» китобининг ўн учинчи мақоласида юз берган шубхани ҳал қилиш ҳақидаги рисола»), «Рисола фи сана ал-устурлоб бит-тариқ асси на и ила Аби Абдаллах Мухаммад ибн Али ал-Маъмуни» («Абу Абдиллоҳ Мухаммад ибн Али ал-Маъмунга устурлобни санъат усулида ясаш ҳақида юборилган рисола») каби асарлар ёзган. Ўз даврида «Батлимуси соний» («Иккинчи Птолемей») деган фахрий ном олган.