АБУ НУВОС Абу Али Ҳасан ибн Ҳони Ҳакамий (762, Аҳвоз – 813, Бағдод) — араб шоири. Аббосийлар даврининг буюк шоирларидан. Куфа мадрасаларида таълим олган. Шеърларининг гўзаллиги, пурҳикматлилиги жиҳатидан ҳатто Умру ул-Қайсга тенглаштирилган. Майпарастлиги туфайли эл ичида «Шаъир ул-Хамра» («Ичкилик шоири») деган ном олган. Ҳаётининг асосий қисмини Бағдодда ўтказган, халифалар — Ҳорун ар-Рашид, Ал-Амин ва Ал-Маъмун билан жуда яқин муносабатда бўлган. Ижодида ишқий ва ахлоқий мавзу етакчи ўрин тутади. Унинг «Девони» Қоҳирада қайта-қайта нашр этилган (1898).