АБУ САИД МАҚБАРАСИ

АБУ САИД МАҚБАРАСИ, Меона бобо мақбараси — Туркманистондаги меъморий ёдгорлик (11-а. ўрталари). Руҳоний Абу Сайд Майхоний (Меона бобо, 1049 й. в. э.) қабри устида қурилган. Мурабба тарҳли (10,30×10,50 м), қўш гумбазли. Деворларига ғиштлар безакли қилиб терилган. Бош тарзи пештоқли. 14-а. да таъмир қилиниб, пештоки ва гумбази кошин билан қопланган, шифтига гириҳ ишланган, ички деворлари ганч б-н сувалиб, ислимий нақш билан пардозланган. Девори юқори томон энсизлаша боради. Пойгумбазнинг таг қисми 12, юқориси 24 қиррали қилиб гумбазга туташтирилган, бино тарзларига равоқлар ишланган.