АБУ САИД (1305-1335) — Ҳулокуийлар давлати ҳукмдори (1316— 35). Ўлжойтухоннит ўғли. 1313 й. Хуросон ноиби этиб тайинланиб, ёшлиги сабабли уни оталиқ ёрдамида идора этган. 1316 й. отаси вафот этгач, Ҳулокуийлар давлати тахтига ўтирган бўлсада, давлатни унинг номидан амир Чобан бошқариб турган (1327 й. гача). Абу Саид даврида Мисрга қарши узоқ вақт олиб борилган уруш пировардида ўзаро сулҳ билан якунланган, Олтин Ўрда ва Чиғатой улусидан қилинган ҳужумлар қайтарилган, Кичик Осиёда мўғуллар ҳукмронлиги янада мустаҳкамланган. Абу Саид отаси Ўлжойтухон замонида давлат дини даражасига кўтарилган шиалик таълимотига чек қўйиб, ўз тангаларида яна чорёрлар (тўрт халифа — Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али) номини зарб қилдирган.