АБУ ТОЛИБ

АБУ ТОЛИБ (Абдусалом ибн ал-Ҳусайн ал-Маъмуний) (тахм. 950, Бағдод —994, Бухоро) — шоир. Халифа ллМаъмун авлодидан. Рай ва Нишопурда яшаган. 980-й. ларда Бухорога келган, умрининг охиригача шу ерда яшаган. Бухорода замондошлари орасида қасида ва васф жанрларининг йирик намояндаси бўлган. Абу Мансур Саолибийнинг «Йатимат аддаҳр» («Замона аҳлининг фазилатлари ҳақида ягона дурдона») тазкирасининг 3-боби асосан Абу Толибга бағишланган. Асарда унинг 332 байтли 96 та васфи ҳамда қасидаларидан парчалар келтирилган. Кўпчилик қасидаларини ислом шеърияти руҳида, соф араб услубида ёзган. Васфларида озиқ-овқат, мевалар, буюм-ашёлар, табиат ҳодисалари ва б. тавсиф қилинган.

Ад.: Ўзбек адабиёти тарихи, 5 жилдли, 1-жилд, Т., 1977; Абдуллаев И., Поэзия на арабском языке в Средней Азии и Хорасане X – начала XI в., Т., 1984.