АБУ ЗАЙД ибн Саҳл Балхий (850, Балх вилояти Шомиётиён қишлоғи — 934) — географ, фалакиётшунос, тилшунос ва табиб. Ўрта аср география мактабининг мумтоз вакили. Абу Зайд қисқа муддат Бухорода яшаган. У араб файласуфи Киндийнинг шогирди. Абу Зайд «Китоб фи фазли синоат ил-китобат» («Котиблик санъатининг фазилати ҳақида китоб»), «Китоб фи фазилати илм ил-ахбор» («Тарих илминиўг фазилати ҳақида китоб»), «Китоб ул-асмо ил-куня вал-алқоб» («Лақаблар, кунялар ва исмлар ҳақида китоб»), «Китоб ун-наҳв ват-тасриф» («Грамматика ҳақида китоб»), «Китоб фи фазилати улум ир-риёзиёт» («Математика илмларининг фазилати ҳақида китоб») каби 60 га яқин асарлар муаллифидир. Ер юзининг географиясига оид «Сувар ул-ақолим» («Иқлимлар суратлари») асари 920-й. ларда ёзилган бўлиб, асли сақланиб қолмаган, аммо уни ўз даврида кўрган ва ўқиган сайёҳларнинг кўрсатишича, Абу Зайд ўз китобида хариталар ва Ернинг тасвирини бермоқни мақсад қилган, дунёни қуш шаклига ўхшатиб, доиравий харитасини чизган. Бу асарни Истахрий янги маълумотлар (Форс вилояти, Хузистон, Шим. Ҳиндистон географияси) б-н бойитган. Кейинчалик иромик Ибн Ҳавқал ҳам бу китобга баъзи ўзгаришлар ва қўшимчалар қилган, оқибатда «Китоб улмасолик вал-мамолик» машҳур географик асар юзага келган. Китоб ичига турли хариталар илова қилинган, бу хариталар мажмуи фан тарихида «Ислом атласи» номи билан машҳур.