АБУЖАҲЛ ТАРВУЗИ — қовоқдошлар оиласига мансуб йўғон, тугунаксимон илдизли кўп йиллик ўт. Пояси чирмашувчи ёки ер бағирлаб ётувчи, уз. 2—4 м. Барглари, асосан тухумсимон, четлари ўйилган, гуллари сарғиш-оқ; чангчили гуллари (7—15 тадан) поянинг юқори қисмида — шингидда, уруғчили гуллари (5—12 тадан) ўсимликнинг пастки қисмида ўрнашган. Меваси қора ёки қўнғир, думалоқ, диаметри 7—8 мм. Уруғи ясси-тухумсимон, майда. Май — июлда гуллайди. Ўрта Осиё (жумладан Ўзбекистон)да, Европада, Кавказ, Эрон ва Скандинавияда учрайди. Абужаҳл тарвузи — доривор ўсимлик; илдизида гликозидлар, крахмал, ошловчи модда, смола, мочевина, олма кислотанинг тузлари борлиги аниқланган. Абужаҳл тарвузининг гулламасдан қазиб олинган янги илдизидан тайёрланган эссенция гомеопатияда қўлланади. Илдизининг спиртдаги эритмаси халқ табобатида оғриқ қолдириш, жароҳат, яраларни даволаш, йўтални қолдириш ҳамда бод оғриғини йўқотиш учун ишлатилади.