АБУЛАББОС МУСТАҒФИРИЙ

АБУЛАББОС МУСТАҒФИРИЙ (тўлиқ исми: Насафий Самарқандий Жаъфар ибн Абу Али Муҳаммад ибн Абу Бакр) (961—1041, Насаф) — тарихчи, адиб, муҳаддис ва фақиҳ. Самъонийнинг «Китоб ал-ансоб» асарида ёзилишича, Абулаббос Мустағфирий бир қанча вақт Марв, Сарахс, Нишопур, Бухоро ва Самарқандда яшаган. 987 й. дан Насаф жоме масжидида маърузалар ўқиган. Умрининг охирида Насафнинг бош имом-хатиби лавозимида бўлган. У «Китоб тарихи Самарқанд», «Китоб тарихи Насаф ва Кеш» (2 жил дли к), «Китоб ушшиър ваш-шуаро» («Шеър ва шоирлар ҳақида китоб»), «Китоб улвафо» («Вафо китоби»), «Китоб далоил ин-нубувва» («Пайғамбарлик далиллари»), «Китоб уддаъавот» («Тарғиботлар китоби»), «Китоб хутаб ин-набий» («Пайғамбар хутбалари китоби»), «Китоб тибб ин-набий» («Пайғамбар тибби китоби») каби ўндан зиёд асарлар ёзган. Унинг «Китоб тибб ин-набий» асаригина топилиб, Теҳронда нашр этилган.

Prev Article

АБУ ТОЛИБ

Next Article

АБУЛФИДО