АБУЛФАТҲ АЛОУДДИН МУҲАММАД

АБУЛФАТҲ АЛОУДДИН МУҲАММАД ибн Абдулҳамид Усманлий Самарқандий (?—1157) — фиқх олими. Унинг Абу Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг «Жомиъ ал-Кабир» («Катта тўплам») китобига ёзган «Шарҳ ул-Жомиъ ал-Кабир» («Жомиъ ал-Кабирнинг шарҳи») номли бир неча жилдли асарининг 1-жилди бизгача етиб келган бўлиб, у «Китоб ул-имон» («Имон ҳақида китоб») , «Китоб ун-никоҳ» («Никоҳ ҳақида китоб»), «Китоб уш-шаҳодат» («Шаҳодат китоби»), “Китоб ул-қазо” («Ҳукм китоби») каби саккиз бобга бўлинади. Мазкур асарнинг котиб Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Умар Самарқандий томонидан 1361й. да кўчирилган нодир қўлёзма нусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида (инв. №5558) сақланади.