АБУЛҒОЗИЙ БАҲОДИРХОН (1603.23.8, Урганч-1663. 4, Хива) — Хива хони (1643—1664), шайбонийлар сулоласидан, тарихчи ва табиб. Абулғозий Баҳодирхоннинг оғалари Ҳабаш султон ва Элбарс султон оталари Араб Муҳаммадхонни енгиб, уни Қум қалъасига қамадилар. Отасининг тарафдорлари бўлган катта оғаси Асфандиёр Эронга, Абулғозий Баҳодирхон эса Бухорога Имомқулихон ҳузурига қочди. 1623 й. да акаси Асфандиёрхон Хива тахтини эгаллагач, А. Б. Урганчга ҳоким қилиб тайинланди. Лекин Асфандиёрхон билан ўрталарида низо чиқиб, Абулғозий Баҳодирхон 1627 й. да қозоқ хони Эшимхон ҳузурига қочди; кейин икки йил Тошкент ҳокими Турсунхон билан бирга бўлди. Кўп ўтмай, туркманларнинг таклифига биноан у яна Хоразмга қайтди. Асфандиёр уни Хива ҳокими қилиб тайинлашга мажбур бўлди. 1629 й. да туркманлар Эронга тобе бўлган Нисо ва Дурунни босиб олдилар. Асфандиёрхон Эрон билан муносабатларнинг тамоман жиддийлашиб кетишидан чўчиб, айбни Абулғозий Баҳодирхонга тўнкади ва уни 1630 й. қишида Эрон подшоҳи ҳузурига гаров тариқасида юборди. Абулғозий Баҳодирхон шу тариқа 10 йил Эронда, Исфаҳон яқинидаги Таборак қалъасида қамоқда яшади. 1639 й. нинг ёзида у тутқунликдан қочишга муваффақ бўлди. Абулғозий Баҳодирхон бир неча йил тахт учун кураш олиб бориб, ниҳоят 1644 й. Хива тахтига ўтирди. Абулғозий Баҳодирхон марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун кураш олиб борди. У 1663 й. да ҳокимиятни ўғли Анушахонта топширди. Абулғозий Баҳодирхон йирик тарихчи олим сифатида ҳам эътиборга сазовор. Унинг «Шажарайи тарокима» ва «Шажарайи турк» асарлари Ўзбекистон, умуман Ўрта Осиё тарихига оид қимматли манбалардан ҳисобланади. Абулғозий Баҳодирхон тиб. илмига оид «Манофиъул инсон» («Инсонга фойдали нарсалар») номли асар ҳам ёзган.
Ac: Абулғозий, Шажарайи турк, Т., 1992.