АБУЛҚОСИМ МАДРАСАСИ

АБУЛҚОСИМ МАДРАСАСИ — Тошкентдаги меъморий ёдгорлик. Мадраса, масжид ва хонақоҳдан иборат. Қурдирган шайх номи билан аталган. Энг эски биноси — хонақои Мўйи Муборак 1820 й. бунёд этилган, 1850 й. Мадраса қурилган. Дастлаб бир қаватли бўлган. Мадраса чортоқ тарҳли (55×46 м), ҳовлиси (22×28 м) атрофида миёнсарой, дарсхона, масжид, тўрда Мўйи Муборак хонақоҳи (6,1×6,1 м) жойлашган. Ҳовлига олд ва орқа томонидаги пештоқ орқали кирилади. Бинони безашда асосий эътибор бош тарзига қаратилган бўлиб, пештоқ (бал. 16 м) нинг икки ёнида гулдаста-миноралар қад кўтарган. Уларнинг тепа қисми гумбазли мезаналар билан якунланган. Дарсхона, мактабхона (мурабба тарҳли — 6,12×6,12 м), икки қаватли ҳужралардан иборат. Мадраса олдидаги ҳовуз, кейинчалик қурилган ҳаммом 1940-й. ларда бузилган. Мадраса эшикларини ўратепалик Уста Ҳасанбой ўйма нақш билан безаган. Таъмирлашда А. Солиҳов, X. Нишонов, О. Полвоновлар қатнашган (1979). Мадрасада Абдулла Қодирий ўқиган. 1983 й. дан Ўзбекистон тарихий ва маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш жамиятининг Тошкент бўлими жойлашган.

Prev Article

АБУЛВОСЕ

Next Article

АБУШҚА