АБУЛХАЙР ибн ҲАММОР

АБУЛХАЙР ибн ҲАММОР Ҳасан ибн Сивор ибн Бобо ибн Баҳром Хоразмий (941, Бағдод — 1048) — мантиқшунос, Бағдод мадрасаларида мударрислик қилган. Маъмун ибн Муҳаммад Хоразмшоҳ уни Бағдоддан Хоразмга таклиф қилиб, ўзининг шахсий табиби ва надими мақомига тайинлади. Султон Маҳмуд Ғазнавий Хоразмни қўлга киритгандан кейин Абулхайр Ибн Ҳамморни ўзи б-н Ғазнага олиб кетади. Ўша ерда 102 ёшида мусулмончиликни қабул қилади. Унгача Абулхайр Ибн Ҳаммор насроний динида эди. Манбаларда келтирилишича, султон Маҳмуд Ғазнавий А. Ҳ. исломни қабул қилганлиги учун унга Ғазна яқинидаги Ҳаммор ноҳиясини мулк сифатида иқто (ҳадя) қилиб берган (Ҳаммор лақаби шундан). Бошқа манбаларда Ҳаммор сўзи рўмол ёки аёллар учун ҳижоб тикувчи маъносида қўлланилади. У фалсафадан ташқари табобатда ҳам жуда машҳур бўлганлиги учун «Буқроти соний («Иккинчи Гиппократ») лақабига сазовор бўлган. Унинг асарлари: «Китоб ул-ҳаюло» («Бирламчи модда ҳақида китоб»), уч жилдли «Китоб ул-вифоқ байна раъй ал-фалосифа ваннасоро» («Файласуфлар ва насронийлар ўртасидаги фикр мувофиқлиги ҳақида китоб»), «Китоб тафсири Исоғужи мухтасаран” («Исоғужи китоби тафсирига қисқача шарҳ»), «Китоб ус-садиқ вас-садоқа» («Дўст ва дўстлик ҳақида китоб») ва б. Бир қанча китобларни сурёний тилидан араб тилига таржима қилган.

Prev Article

АБУЛФИДО

Next Article

АБУЛХАЙРХОН