АБХАЗИЯ

АБХАЗИЯ, Абхазия Республикаси (абхазча номи «Апсни» — қалб ўлкаси) — Грузия Республикаси таркибида. 1921 й. 4 мартда ташкил топган. Закавказьенинг шим.-ғарбий қисмида жойлашган. Жан.-ғарбий қисми Қора денгизга туташади. Майд. 8,7 минг км2. Аҳолиси 530 мингдан ортиқ киши (1999). 5 туман, 7 шаҳар, 4 шаҳарча бор. Пойтахти — Сухуми ш.

Табиати. Абхазия ҳудудининг кўпчилик қисми Катта Кавказ тоғ тизмасининг этаклари ва ён бағирларида жойлашган (Гагра, Бзибь, Абхазия, Кодори тизмалари). Айрим жойларда тоғларнинг бал. 3—4 минг м га етади. Довонлар ҳам бор. Қора денгиз бўйлаб торгина текислик чўзилган. Жан.-шарқида Колхида пасттекислиги жойлашган. Фойдали қазилмалари: тошкўмир, қурилиш материаллари, барит, симоб, полиметалл рудалар. Иқлими — нам субтропик, тоғларда — мўътадил совуқ ва совуқ. Соҳилда янв. т-раси 4°, 7°, тоғларда —2° гача; июлда соҳилда 22°, 24°, тоғларда 16°, 18°. Ёғин миқдори пасттекисликларда 1300—1500 мм, тоғларда 2400 мм гача. Дарёлари: Бзибь, Кодори, Галидзга, Гумиста; кўллари: Рица, Амткели. Пасттекислик ва тоғ этаклари ботқоқ, аллювиал, подзол, айрим жойлар сариқ, қизил тупроқли. Баландлашган сари чиринди карбонатли, қўнғир тоғ-ўрмон ҳамда тоғ-ўтлоқ тупроқлар учрайди. Мамлакат ҳудудининг 55% дан кўпроғи ўрмон (самшит, бук, дуб, қорақайин, каштан, граб дарахтлари), юқорироқда оқ қарағай, ундан баландда субальп ва альп ўтлоқлари бор. Субтропик ўсимликлардан хурмо, эвкалипт, сарв ва б. ўсади. Абхазия ҳудудида Рица, Гумиста, Пицунда-Мюссер қўриқхоналари бор.

Аҳолиси. Асосий аҳолиси абхазлар ва грузинлар. Улар соҳил туманлари ва тоғ ён бағирларида яшайди. Шаҳарлари: Очамчира, Гудаута, Гагра (денгиз портлари), Гали, Ткварчели. Абхазлар ўзларини апсуа деб атайдилар. Давлат тилиабхаз тили.

Тарихи. Абхаз халқининг аждодлари ҳақидаги дастлабки маълумотлар жез асрининг кейинги давридан бошланади. Мил. ав. 1 – мингинчи й. ўрталарида Абхазия Колхида подшоҳлигининг бир қисми бўлган. Мил. ав. 2 – а. охири —1 – а. нинг бошларида А. Понт подшоҳлиги, мил. ав. 65 й. дан Рим қарамоғида бўлган. 4-а. да Ғарбий Грузияда вужудга келган Лаз подшоҳлиги таркибига кирган. 4 — 6 – а. ларда бутун Абхазияни Византия забт этган. 8 – а. га келиб абхазлар Византияга итоат этмай қўйди. Шу а. нинг 80-йларида Ғарбий Грузия ерлари Абхазия подшоҳлигига бирлаштирилди. 16-а. дан А. Туркияга қарам бўлиб қолди ва абхазлар ерлари иқтисодий-маданий инқирозга учради. 1810 й. да А. Россияга қўшиб олинди. 19а. бошларида абхазлар Ахчипсоу, Аибга, Дал, Цабал, Псху каби эркин жамоалар тарзида кун кечирган. Ҳар бири бир неча минг кишидан иборат бўлган эркин жамоалар қон-қардошлик гуруҳларига бўлинар ва улар ўртасидаги муносабатлар абхазларнинг анъанавий ҳуқуқига асосланар, ҳамма масалани жамоа оқсоқоли ҳал қилар эди. Асрлар давомида Абхазия князлигининг марказлашув даражаси аввало ҳоким князнинг шахсий обрўэътиборига боғлиқ бўлган. Кўпинча у ва маҳаллий зодагонлар эркин жамоаларни назорат қилмасди. А. Россияга қўшиб олингач, бир неча ўн йиллар давомида вазият нотинч бўлди. Аҳолининг бир қисми Туркия тарафдори эди. 1864 й. ги Кавказ урушидан кейин Абхазиянинг мухторият мақомидан маҳрум этилиши вазиятни кескинлаштириб юборди. Оммавий норозилик 1866 й. да абхазларнинг ялпи қўзғолонига айланиб кетди. Рус жазо отрядлари қўзғолонни шафқатсизлик б-н бостирди. Маъмурлар ғалаёнчи абхазларни Туркияга кўчира бошлади. 1877-78 й. лардаги рус-турк урушида абхазлар Туркия тарафида фаол иштирок этиши сабабли уларни мажбуран Туркияга кўчириш оммавий тус олди. Натижада абхазлар яшаб келган ҳудуд иккига: шим,-ғарбий (бзибь) ва жан.-шарқий (абжуй) қисмларга бўлиниб қолди. Абхазлар тарк этган ерларга Туркиядан греклар ва арманлар, Россиядан турли миллат кишилари, Грузиядан асосан мегреллар кўчиб кела бошладилар. Шу тариқа ҳоз. Абхазия турли-туман миллатлар юрти бўлиб қолди. 1921 й. 16 дек. да Абхазия шартнома асосида Грузия таркибига кирди. 1990 й. дек. дан Абхазия мухтор республикаси, 1992 й. июлдан А. Республикаси. Абхазия даги 1990-йлардаги вазиятнинг хусусиятлари ва ўткир грузин-абхаз можаросининг сабаблари кўп жиҳатдан тарихий ўтмишга ва 19—20-а. лардаги ижтимоийиқтисодий жараёнлар характерига бориб тақалади.

Хўжалиги. Абхазия ғарбий ва шарқий иқтисодий ҳудудларга бўлинади. Хўжалигида аграр соҳа устун. Чой, тамаки, цитрус мевалари, эфир мойли ўсимликлар экилади, маккажўхори етиштирилади. Ўрмончилик ва кўмир қазиб олиш тармоқлари ривожланган. 90 – й. ларнинг бошигача санаторий-курортлар тизими алоҳида ўрин олган. Денгиз бўйларида боғдорчилик ва токчилик, шунингдек чорвачилик (асосан қорамолчилик), паррандачилик, пиллачилик, балиқчилик ва асаларичиликка катта аҳамият берилади. Саноатда озиқовқат, тамаки маҳсулотлари, мева консервалари ишлаб чиқарилади. Абхазияда 4 тамаки-ферментация з-ди, бир неча чой ф-каси, Кодори тахта тилиш к-ти бор. Маҳаллий хом ашё асосида эфирли мой з-длари, шунингдек чарм пойабзал к-ти ва бир неча тикувчилик корхоналари ишлайди. Электр энергияси асосан Ткварчели электр ст-яси ва Сухуми ГЭСида ҳосил қилинади. Машинасозлик ва кимё саноати, қурилиш материаллари корхоналари бор. Абхазия ҳудудини Сухуми — Черкасия т. й. ва автомобиль йўллари кесиб ўтади. Асосий денгиз порти — Сухуми ш. Муҳим иқлимий курортлар Сухуми, Гагра, Гудаута, Новий Афон, Пицундада жойлашган.

Маданияти. Абхазияда ўрта умумий таълим мактаблари, ўрта махсус ўқув юртлари, олий ўқув юртлари (Сухуми ун-ти, Субтропик хўжалик ин-ти), и. т. институтлари, клуб муассасалари, музейлар, ботаника боғи ишлаб турибди. Абхаз тилида газ. ва журлар нашр этилади. Абхаз, грузин ва рус тилларида радио эшиттиришлар олиб борилади. Ретрансляция телекўрсатуви мавжуд. Халқ оғзаки ижодида қаҳрамонлар ҳақидаги эртаклар, ривоятлар, овчилик ҳақидаги ҳикоялар, банди қилиб қўйилган Абрскил ҳақидаги қад. ривоят, халқ қўшиқлари машҳур. Халқ шоири Д. Гулиа абхаз адабиётининг асосчиси ҳисобланади. Чўпон ва овчи қўшиқлари, деҳқончилик ва урфодатлар билан боғлиқ қўшиқ ва лапарлар абхаз мусиқасига асос бўлган. Абхазия ҳудудида жез даврининг дольмен деб аталган сағаналари, қад. юнон ва Рим давридан қолган иншоотларнинг вайроналари (Диоскурия — Себастополис, Анакопия ва б.), Византия даври (6—8 – а. лар) меъморий ёдгорликлари — Новий Афондаги устунли бир гумбазли иморат, неолит ва жез замонларидаги одам ва ҳайвонларнинг ҳайкалчалари, нақшли керамика ва бронза буюмлар сақланиб қолган. 14 – а. нинг бошларидаги миниатюралар, 14—16 – а. лардаги фрескалар машҳур. Ҳоз. замон тасвирий санъатининг шаклланишида 1918 й. очилган Сухуми бадиий мактаби муҳим роль ўйнаган. Абхазиянинг биринчи профессионал рассоми А. Шервашидзе (Чачба) бўлган. И. Цомая, Н. Тебукашвили, Ч. Кукуладзе, В. Месхи, М. Эшба, Б. Гогоберидзе каби санъаткорлар машҳур. Қадимдан амалийбезак санъати ривожланган.