АЧЧИҚМИЯ (Gobelia pachycarpa) — бурчоқдошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик. Бўйи 30 — 45 см, қалин тук билан қопланган. Барглари мураккаб патсимон, уз. 10 — 18 см. Гуллари поянинг юқорисида шингил бўлиб жойлашган. Дуккагининг уз. 4,5 — 6 см, эни 7 — 9 мм. Аччиқмия апр. — майда гуллаб, июнь— июлда уруғлайди. Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро вилоятларида турли шароитда, шунингдек лалми экинлар орасида ўсади. Эрон ва Афғонистонда ҳам тарқалган. Аччиқмия заҳарли ўсимлик. Уруғида ва поясида 2,5 — 3% алкалоид (асосан пахикарпин, софокарпин, софорамин, софоридин ва алоперинлар) бор. Пахикарпин алкалоиди тиббиётда ҳар хил қон ва тери касалликларини даволашда кенг қўлланилади. Аччиқмия уруғи аралашган буғдой уни аччиқ ва заҳарли бўлади. Халқ табобатида Аччиқмиянинг майдаланган уруғи овқат ҳазм бўлишини яхшилаш ва иштаҳа очишда қўлланилади.