АЧЧИҚЎТ (Chrorophora sabulosa) — сутламадошлар оиласига мансуб, бўйи 8 — 15 см, кенг шох-шаббали бир йиллик ўт. Барглари тухумсимон ёки тўгарак, бўйи 2,3 — 3, эни 1,6 — 2,8 см. Меваси (кўсаги)нинг бўйи 4 — 4,5, эни 5 — 6,5 мм. Уруғи силлиқ, бўйи 3 — 3,5, эни 2 — 2,3 мм. Апр. —июлда гуллайди ва мева беради. А. Ўрта Осиёда ва Орол бўйи текисликларида ўсади. Тошкент, Фарғона, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондаги қум уюмларида тарқалган. Аччиқўтдан сурги сифатида фойдаланилади.