АЧЧИҚТОШ

АЧЧИҚТОШқўш сульфат тузларининг кристаллогидратлари. Сульфатли минераллардан 30 га яқини халқ тилида Аччиқтош деб аталади. Табиий шароитда соф ҳолда учрамайди. Соф Аччиқтош бир валентли ва уч валентли металлар сульфатларининг иссиқ сувдаги эритмаларини аралаштириш йўли билан олинади. Аччиқтошли минерални сувда эритиб буғлатиш А. ни тозалашнинг энг осон усулидир. Аччиқтошнинг барча турлари кристалл шаклда, нордон таъмли бўлиб, оғизни буриштиради. Аччиқтош қиздирилганда таркибидаги сувини йўқотиб, хира тортиб қолади. Ўрта Осиёда шўрсув, Гугуртдоғ конларида, Ҳисор тизмасида ва б. жойларда учрайди. Аччиқтош кўнчиликда, босма ишида, фото саноатида, газлама бўяшда, қоғоз и. ч. да ишлатилади. Алюминийли Аччиқтош тиббиётда ҳам қўлланилади. Аччиқтош тери ва шиллиқ пардаларни қуритади ва дезинфекциялайди. Аҳоли томоқ оғриғи, оғиз ўйилиши, милк яллиғланиши каби касалликларни даволашда қадимдан Аччиқтошдан фойдаланиб келади.