АДАБ (араб.) — 1) яхши хулқ, тарбия, хушмуомалалик, ҳаётни тўғри тушуниш, тўғри яшашни ўргатиш маъносида. Ўзбек тилидаги «одоб» А. сўзининг кўплик шаклидир. Адабиёт сўзи ўзаги ҳам Адаб дир. 12-а. да «илми адаб» ёки «илми баде» атамаси вужудга келди. Бу сўз санъатидаги бадиий воситалар, усуллар ва турларни ўргатишга бағишланган. Ўша даврда адабиёт сўзи кенг маънода умуман китоблар, рисолалар, мақолалар, яъни кўпчиликнинг ўқиши учун ёзилган асарларни билдирган. Тор маънода эса ёзма бадиий адабиётни англатган. Ҳозир Адаб араб мамлакатларида бадиий адабиёт маъносида ишлатилади;
2) тасаввуфда тариқатдан сабоқ берувчи пир ёки шайх ва сабоқ олувчи мурид ёки солиҳнинг риоя қилиши зарур бўлган қонунқоидалар назарда тутилади. Шайхлар ва солиҳлар адаби хусусида кўплаб асарлар ёзилган.
Муҳсин Қодиров.