АДАБИ УСУЛ

АДАБИ УСУЛхалқ санъаткорларининг оилада, ҳамкасблар ўртасида, жамиятда ўзини тутиши бўйича оғзаки ва ёзма қоидалар. Адаби усул қоидалари созанда, хонанда, суханпардоз, масхарабоз, қизиқчи, қўғирчоқбоз, дорбоз, найрангбоз ва б. нинг рисолаларида маълум даражада ифода топган. Аммо кўпгина қоидалар авлоддан авлодга оғзаки ўтиб келган бўлиб, шогирдларга (шогирдлик 10 йилгача давом этган) касб ўргатиш жараёнида сингдирилган. Адаби усул санъаткор жамиятнинг турли табақаларига (бойга ҳам, камбағалга ҳам) хизмат қила олиши, ўз ғурурини ерга урмаслиги, ўрда адаби, Мадраса адаби, меҳмонхона адаби (Юсуфжон қизиқ иборалари)ни билиши, тўй эгаси, сайилбоши берганига кўниши, ортиқча тама қилмаслиги, ҳар қандай шароитга чидаб, томошани лозим савияда кўрсатиши, устозни ҳурмат қилиши, ҳамкасблар ўртасида иззат-икромни сақлай билиши, тўйдан тушганларни тақсим қилиш чоғида талашмаслиги, ногирон, жисмонан заиф кишилар устидан кулмаслиги, ўзини покиза, руҳан тетик олиб юриши, ҳеч кимсага озор бермаслиги, қўлидан келганича муҳтожга ёрдам бериш каби қоидаларни ўз ичига олади. Оғзаки ва ёзма Адаби усул қоидаларига риоя қилиш труппа раҳбари (каланпо, оқсоқол), санъаткорлар уюшмаси бошлиғи (меҳтар) ҳамда ҳукумат вакили (ғолиббоши, миршаббоши) томонидан назорат қилиб турилган. Адаби усул қоидаларини бузганлар тўдадан ҳайдалиш, жарима тўлаш йўли билан жазоланган.

Муҳсин Қодиров.