АДАБИЙ АНЪАНА

АДАБИЙ АНЪАНА — дунёни бадиий идрок этиш, билиш соҳасида даврдандаврга, авлоддан-авлодга ўтиб келган адабий тажрибалар: эстетик қарашлар, тасвирий воситалар, тилдаги образлилик, эмоционаллик ва услубдаги рангбаранглик. Ўтмиш ёзувчиларининг ижод тажрибасида синалган, устувор ва муқим ғоявий-бадиий бойликларни ёш бўғин ўз даври талабига кура қайта ишлаб, ижодий ривожлантиради. Адабиёт ва санъатда анъана тарихий ҳодиса булиб, муайян давр ижтимоий-бадиий хусусиятларини акс эттиради. Ўзбек адабиёти эскирмаган, замон синовидан утган, барҳаёт, илғор анъанага суянади. Илғор Адабий анъана ҳамма вақт новаторликка чорлайди. Бинобарин анъана ва новаторлик орасида мантиқий алоқа бор. Уларни бир-биридан ажратиб, ҳам тасаввур қилиб бўлмайди. Биз учун анъана ҳисобланадиган кўп ғоя ва майллар уз вақтида янгилик саналган. Мас, Низомий учун қисман янгилик бўлган «Хамса» яратиш Навоий учун анъана эди. Шу билан бирга Навоий «Хамса»си ўтмишдошларининг такрори, тақлиди эмас. Унда замонасининг узига хос ғоявий-эстетик масалалари ёритилган ва «Хамсачилик анъанаси» янги босқичга кўтарилган.

Ўзбек мумтоз адабиётида тазкирачилик анъанаси ҳам мавжуд эди. Алишер Навоий, Давлатшоҳ Самарқандий, Фазлий каби адиблар айрим асарларини Шарқ тазкирачилик анъаналарига қатъий амал қилиб яратганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобўрнинг «Бобурнома» ва Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи тарокима» каби асарлари, Мунис, Огаҳий, Баёний, Мирзаолим Мушрифларнинг тарихий йилномалари ҳам маълум адабий-тарихий анъаналар асосида яратилган. Ўзбек адабиётида 20-а. да вужудга келган роман жанрининг ривожига катта ҳисса қушган Абдулла Қодирий, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Омон Мухторов ва б. санъаткорлар жаҳон адабиётидаги илғор анъаналарга суянганлар.

Ортиқбой Абдуллаев.