АДАБИЙ ЎҒРИЛИК

АДАБИЙ ЎҒРИЛИК, плагиат — бировнинг асарини кўчириб, ўзиники қилиб олиш. Бундай ўғрилик муаллиф ижозатисиз илмий, адабий, мусиқий ёки бадиий асарни ўз номидан тўла ёки қисман бостириб чиқаришдан, кашфиёт ёки ихтирочилик таклифларини ўзиники қилиб олишдан иборат. Айбдор ўз ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, фуқаролик ёки жиноий тартибда жавобгарликка тортилади, бинобарин ҳақиқий муаллифнинг ҳуқуқи тикланади. «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида» ЎзР Қонунининг 46-моддасида «ҳуқуқ эгаси билан шартнома тузмаган ҳолда асардан фойдаланилган тақдирда қоидабузар ҳуқуқ эгасига етказилган зарарнинг ўрнини, шу жумладан бой берилган фойдани қоплаши шарт» эканлиги кўрсатилган. Ҳуқуқ эгаси қоидабузардан ўзи кўрган зарар ўрнига унинг қоидабузарлик оқибатида олган даромадларини ундириб олишга ҳақли. Асардан муаллифлик шартномасида назарда тутилмаган усулда ёки бундай шартноманинг амал қилиши тўхтаганидан кейин фойдаланиш асардан шартнома тузмаган ҳолда фойдаланиш, деб ҳисобланади. Мазкур қонунда муаллиф (ҳаммуаллифлар)нинг ўзи яратган асарга бўлган муаллифлик ҳуқуқи бошқа шахсларнинг айни шу асарга муаллифлик ҳуқуқи эътироф қилинишини истисно этиши; муаллиф асардан ўз исмишарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёки имзосиз фойдаланиш ёки шу тарзда фойдаланишга рухсат бериш борасида алоҳида ҳуқуққа (муаллифлик номига бўлган ҳуқуққа) эга эканлиги таъкидланган (18-ва 19-моддалар). Муаллиф ўз асарига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳамда асарга ўзининг розилигисиз бирон-бир шахс томонидан ўзгартишлар ёки қўшимчалар киритилишидан асарини ҳимоя қилиш борасида алоҳида ҳуқуққа (асарнинг дахлсизлигига бўлган ҳуқуққа) эга (20-модда).

ЎзР Жиноят кодексининг 149-моддасида тафаккур мулки объектига нисбатан муаллифлик ҳуқуқини ўзлаштириб олиш, ҳаммуаллифликка мажбурлаш ва ш. к. ҳолатлар энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан етмиш беш бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёҳуд олти йилгача қамоқ билан жазоланиши кўрсатилган.