АДАБИЙ ТИЛ

АДАБИЙ ТИЛ — муайян умумхалқ тилининг қайта ишланган ва меъёрлаштирилган, мазкур тилда сўзлашувчи халқнинг маданий эхтиёжларига хизмат қилувчи шакли. «Қайта ишланган» тушунчаси нисбий (тарихан турли даврларда, турли халқларда Адабий тил ўзгариб турган). Ҳатто айрим бир халққа ҳам Адабий тил турли даврда турлича бўлган (мас, қадимги туркий адабий тил, ҳоз. ўзбек адабий тили). Баъзи даврларда бир халқ учун бошқа бир халқ тили Адабий тил вазифасини ўтаган. Mac, форс ва туркийлар учун мумтоз араб тили, японлар учун мумтоз хитой тили; баъзи Европа халқлари учун лотин тили ва б. А. т. бўлган.

Адабий тилнинг икки — оғзаки ҳам ёзма кўриниши мавжуд. Ҳар қандай Адабий тил халқ оғзаки нутқи асосида шаклланиб, шу халқ тилига хос шеваларни умумлаштиради ва барча шева вакиллари учун тушунарли шакл олади. Ривожланган Адабий тил сиз бой маданиятга эга халқ бўлиши мумкин эмас. Шу маънода Адабий тил жамиятнинг долзарб муаммоларидан ҳисобланади. Адабий тил деганда баъзан уни турли кўринишлари б-н қориштириб юборадилар. Хусусан, ёзма Адабий тил ва оғзаки Адабий тил ҳамда бадиий адабиёт тили билан Адабий тилни айни бир деб бўлмайди.

Адабий тил ўз мезонларини эгаллаган шу тилда сўзлашувчилар барчаси учун бирдек. У ҳам ёзма, ҳам оғзаки шаклларда амалда қўлланади. Бадиий асар (ёзувчи) тили ҳам Адабий тил меъёрларига бўйсунсада, кўплаб хусусийлик ҳамда умум эътироф этмаган жиҳатларни ўзида мужассамлаштиради. Турли халқларда ҳамма даврларда ҳам Адабий тил билан бадиий асар тили бир тахлитда бўлмаган. Адабий тил билан миллий тил ўртасида ҳам фарқ бор. Миллий тил шу тилнинг эгаси бўлган халқ миллат бўлиб шаклланганда юзага келади. Миллий тил Адабий тил вазифасиии ўтайди, лекин ҳар қандай Адабий тил дарҳол миллий тилга айлана олмайди.

Адабий тил билан шевалар ўртасидаги муносабат алоҳида муаммони ташкил этади (қ. Шевалар). Шевалар тарихан қанчалик барқарор бўлса, Адабий тил учун шеваларнинг вакилларини лингвистик нуқтаи назардан умумлаштириш шунчалик мураккаблашади. Ҳоз. кунда кўпгина мамлакатлар (мас, Италия, Индонезия ва б.)да шевалар Адабий тил билан тенг суратда қўлланмоқда.

Адабий тил тушунчаси одатда тил услублари тушунчаси билан боғланади. Аммо бу боғланиш бир томонлама. Чунки тил услубиятларининг ўзи Адабий тил кўринишлари ҳисобланади. Улар тарихан шаклланган, муайян белгилар мажмуидан иборат бўлади. Мазкур белгиларнинг бир қисми бошқа услубларда такрорланиши мумкин. Лекин, бу такрорий белгиларнинг маълум шаклда бирикиши ва вазифасининг ўзига хослиги бир услубнинг иккинчи услубдан фарқини белгилайди.

Ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилиши (1989) ўзбек Адабий тил ривожини таъминловчи муҳим воқеа бўлди. Ўзбек Адабий тили турли халқлар Адабий тили ривожланиш тажрибаси асосида янада такомиллашиб бормоқда (яна қ. Ўзбек адабий тили).

Loading...